Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 13 ноябрь куни чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва ипакчилик тармоқларини янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.
Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди..
— Ҳудудларимиз салоҳиятидан тўғри фойдаланиб, қаерга нима экиш, қайси чорва турини етиштириш, қўшилган қиймат занжирини яратиш орқали бозорларимизда гўшт, сут ва тухум маҳсулотларини кўпайтириш, нархлар барқарорлигини таъминлаш ва даромадни ошириш бўйича, афсуски, самарали тизим мавжуд, деб айта олмаймиз, — деган президент.
Чорвачилик паррандачилик, балиқчилик ва ипакчилик тармоқлари муаммоларини комплекс ва тизимли ҳал этиш, бу тармоқларини изчил ривожлантириш учун президент Шавкат Мирзиёев қатор вазифалар қўйгани хабар қилинди.
Келгуси йилдан чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик тармоқларини субсидия бериш орқали қўллаб-қувватлаш кўзда тутилмоқда. Дунё тажрибасидан келиб чиқиб, субсидия етиштирилган тайёр маҳсулотлар ҳажмига мувофиқ равишда берилади.
"Йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини сифатли таъминлаш учун ҳафтанинг ҳар жумаси «Чорвачилик куни» деб эълон қилинди. Топшириқлар ижросини мувофиқлаштириб бориш ва чорвадорларга кўмаклашишга масъул Республика кенгаши тузилди", деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.