Мажбурий тартибда руҳий шифохонага ётқизилган 32 яшар хоразмлик блогер Нафосат Оллошукурованинг адвокати фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилоят судлов ҳайъатига кассация шикояти топширди.
Бу ҳақда 14 ноябрда хабар қилган Eltuz.com сайтига кўра, кассация шикояти 6 ноябрда топширилган.
Адвокатнинг фикрича, Нафосатни руҳий шифохонага ётқизиш ҳақидаги суд қарори“Психиатрия ёрдами кўрсатиш тўғрисидаги қонун”нинг 27-моддаси талабларига хилоф. Нафосат Оллошукурова суд мажлисига чақирилмаган. Унинг руҳий холати бузилганига тўлиқ ишонч ҳосил қилинмаган. Психиатрик экспертиза хулосаси олинмаган. Суд қарорига ёлғонлардан иборат ариза асос қилиб олинган.
Нафосат фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суднинг қарори билан 2019 йилнинг 30 сентябридан Хоразм вилоят руҳий асаб касалликлари диспансерида мажбурий сақланмоқда. Бу қарордан аввал, у журналист Маҳмуд Ражаб ҳимоясига уюштирилган норозилик акциясида иштироки учун 10 кунлик қамоққа олинган эди.
Қатор ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари, жумладан Халқаро Амнистия, “Пахта Кампанияси” коалицияси ва “Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси” блогерни руҳий шифохонадан чиқариш талаби билан баёнотлар беришган.
Айни пайтда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжоновнинг фикрича, Хоразм вилояти психоневрологик диспансерида блогер ва инглиз тили ўқитувчиси Нафосат Оллошукурованинг мажбурий касалхонага ётқизилиши унинг танқидий материаллари билан боғлиқ эмас. Бу ҳақда Алламжонов сешанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида баёнот берди.
Икки фарзанднинг онаси Нафосат Оллошукурова Жахон тиллари Университетини инглиз тили мутахассислиги бўйича тамомлаган. У ўзининг жамиятдаги фаол позицияси билан танилган. Унинг якинлари, илгари ҳеч қачон руҳий касалликка учрамаганини билдирган.