Трампга нисбатан импичмент тергови доирасида муҳим гувоҳ аниқланди

Импичмент жанжали Трампнинг Зеленский билан телефон мулоқоти ортидан бошланди.

АҚШ Демократик партиясининг Разведка қўмитаси раиси Адам Шифф Киевдаги Америка элчихонаси ходимини президент Дональд Трампга нисбатан импичмент тергови доирасида кўрсатма бериш учун чақирганини маълум қилди. Шифф Украинадаги АҚШ элчихонаси ходимини “муҳим гувоҳ” дея таърифлади.

АҚШ Конгрессининг демократ аъзолари Трампни жорий йилнинг июлида Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон мулоқоти давомида уни 2020 йилги президент сайловида асосий рақиби бўлиши кутилаëтган демократ Жо Байден ва унинг ўғлини тергов қилишга ундаганликда айбламоқда.

13 ноябрь куни Трампнинг Украина бўйича мутасаддиси Уильям Тэйлор қўмитага берган кўрсатмасида ходимларидан бири Трамп телефон орқали АҚШнинг Европа Иттифоқидаги элчиси Гордон Сондленддан терговлар ҳақида сўраётганини эшитиб қолганини айтди.

Тэйлорга кўра, элчилик ходими Сондланд украиналиклар режага амал қилишга тайёр эканлигини таъкидлаганини эшитган.

Кечаги тингловларда Тэйлор билан қаторда АҚШ давлат котибининг Европа ва Евросиё бўйича ўринбосари ёрдамчиси Жорж Кент ҳам кўрсатма берди. Беш соатга чўзилган эшитув давомида Тэйлорнинг Киевдаги элчихона ходими эшитиб қолган гаплари ҳақидаги кўрсатмаси энг муҳим маълумот бўлди.

Тэйлорнинг сўзларига кўра, Киевдаги элчихона ходими Сондланддан “Трамп Украина ҳақида қандай фикрда?” деб сўраганида, Сондланд унга: “АҚШ президентини кўпроқ Байденларнинг тергов қилиниши қизиқтиради”, деб жавоб берган.

Тэйлор элчихона ходими ва Сондланд суҳбати ҳақида ўтган ҳафта хабар топганини айтди. Шифф бу маълумотни “жуда муҳим” дея таърифлади. 13 ноябрь кунига белгиланган тингловлар ўз якунига етганидан кейин, Шифф қўлга киритилган янги маълумот Украина ишларига аралашиш буйруғи президентнинг ўзидан чиққанини кўрсатишини айтди.