ИДнинг Туркия қамоқларида сақланаётган ўзбекистонлик аъзолари экстрадиция қилинади

Май ойида Яқин Шарқдан Ўзбекистонга қайтарилган аёллар ва болалар.

Туркияда “Ислом давлати” террор гуруҳига мансублика айбланиб қамоққа олинган 956 нафар одамнинг 82 нафари ўзбекистонликдир. Улар тез орада ватанига экстрадиция қилинади.

Бундан ташқари экстрадиция қилиниши кутилаётган жангарилар орасида Қирғизистоннинг 23, Қозоғистоннинг 10, Туркманистоннинг 6 ва Россиянинг 99 нафар фуқароси бор.

Ўтган ҳафтада Туркия ички ишлар вазири Сулайман Сойлу “Ислом давлати”га мансубликда айбланиб қамоқларда сақланаётган 956 нафар одам 11 ноябрдан бошлаб ўз ватанларига экстрадиция қилинишини билдирган эди.

Жорий йилнинг 30 май куни ўзбекистонлик 156 аёл ва бола "Меҳр" инсонпарварлик операцияси доирасида махсус авиарейс билан Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан Тошкентга олиб келинганди. ​

10 октябрь куни эса Ўзбекистонга Ироқдан 64 нафар ўзбек бола қайтарилган эди.

Айни пайтда Сурия ва Ироқ ҳудудида қолаётган ёки 2011 йил – Сурияда фуқаролик уруши бошланганидан сўнг бу давлатга, кейинроқ Ироққа борган ўзбекистонликларнинг аниқ сони Озодликка маълум эмас.

АҚШдаги Soufan Group тахминича, 2016 йилнинг майига қадар Ироқ ва Сурияга камида бир ярим минг ўзбекистонлик борган, Марказий Осиёдан борганлар сони эса 4 минг 200 кишидир.