Москвадаги 67-касалхонада бир неча ойдан бери кома ҳолатида бўлган ўзбекистонлик талаба Ўлмасхон Баҳронов вафот этди.
Ўлмасхон Баҳроновнинг қариндоши Фарруххон Шукурлаев Facebook саҳифасида жиянининг жанозаси 15 ноябрь куни соат 12да Самарканд тумани Қуйи Чордара маҳалласида ўқилиши ҳақида хабар берди.
“Фергана” агентлигининг ёзишича, шифокорлар 22 ёшли Ўлмасхон Баҳроновнинг ўлимини 13 ноябрь куни соат 20:45да қайд этганлар.
Озодлик радиоси шу йилнинг сентябрь ва октябрь ойларида 20 августида бурнидан қон келгани учун Москва шифохоналаридан бирига олиб келинган ва комага тушиб қолган самарқандлик Ўлмасхон Баҳронов ҳақида лавҳалар берган эди.
Ўлмаснинг яқинлари ўзбекистонлик йигит касалхона врачлари тайинлаган нотўғри препаратлар ва Ўзбекистонда хато ўтказилган жарроҳлик амалиёти оқибатида комага тушганини иддао қилган эдилар.
Ўлмасхон Баҳронов Москвада Россия халқлар дўстлиги университетининг тиббиёт бўлимида тахсил олган.