Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси Қашқадарё вилояти Қарши туманида 26 ёшли аёлнинг беш эркак томонидан зўрлангани юзасидан муносабат билдирди (www.gazeta.uz, 14 ноябрь). Қайд этилишича, ушбу жиноят иши Сенат назоратида.
Парламентнинг юқори палатаси кўнгилсиз воқеага учраган аёлнинг тунда кўчада юргани мазкур мудҳиш жиноят содир этилишига асосий сабаблардан бири сифатида кўрсатилаётганини қоралаган.
“Унутмаслигимиз лозим, мамлакатимиз Конституцияси ва қонунларида ҳар бир фуқаро хоҳ тун, хоҳ кундуз бўлсин, кўчада юриши тақиқланмаган, шунингдек ҳеч ким бировнинг ахлоқсизлигини рўкач қилиб, уни ўзбошимча жазолашга ҳаққи йўқ”, дейилади баёнотда.
Гап шундаки, ИИВ бирлашган таҳририятлари сайти номусга тегиш жинояти ҳақида хабар берар экан, ҳодисада жабрдийдани ҳам айблаган. “Ҳайратланарлиси эса, эътибор берган бўлсангиз, воқеа ярим тунда содир этилган. Ҳақли савол туғилади: ёш қизнинг шу пайтда сабабсиз кўчада юришига ота-онаси қандай йўл қўйиб берди экан”, деб иддао қилади ИИВ электрон нашри.
Эслатиб ўтамиз, октябрь кунларидан бирида кечаси тахминан 1:30 атрофида беш эркак (барчаси 30 ёшдан катта) аёл кишини мажбуран машинага ўтқазиб, кимсасиз ерга олиб борган ва уни зўрлаган. Барча гумондорлар қўлга олинган, ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган.