121 ўқитувчидан 47 нафари ёзган диктант "1"га баҳоланди, ҳеч ким "5" олмади

Иллюстратив сурат

Малака ошириш таҳсилидаги ўқитувчилардан улар доимий фойдаланиб келган дарсликдаги матн асосида лотин ёзуви бўйича диктант олишга тўғри келди. 275 сўздан иборат диктант матнини 121 тингловчидан бирортаси «5» баҳога ёзолмади.

Бу маълумот Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, филология фанлари доктори Нусратулло Жумахўжанинг Kun.uz сайтида эълон қилинган мақоласида келтирилди.

"Республика таълим марказидан олинган (диктант қайси йили ёздирилганини айтилмаган - таҳр.) ​«Диктантни баҳолаш мезонлари» асосида текширилганида, ўқитувчилардан 23 нафари – «4», 24 нафари – «3», 27 нафари – «2», 47 нафари – «1» баҳога лойиқ диктант ёзгани маълум бўлди. Баҳолаш мезонига кўра, хатолар миқдори 15тадан ошса, «1» баҳо қўйилади. Ҳолбуки, 30дан ортиқ хатога йўл қўйган тингловчилар ҳам бўлди" деб хабар қилди профессор.

"Ёзув қўшҳокимиятчилиги қачонгача? Давлат тили ва унинг ҳуқуқий, назарий ва амалий муаммолари" деган сарлавҳа остида ёритган мақоласида профессор Нусратулло Жумахўжа "Ўқитувчининг аҳволи шу бўлса, ўқувчининг аҳволи, оддий фуқаронинг саводхонлиги қандай бўларкан?" деган саволни ўртага ташлаган.