Эронда бензин нархи ошиб, ёнилғи таъминотида чекловлар жорий этилди

Эрондаги АЁҚШда ҳайдовчи бензин сотиб олмоқда.

Эрон расмийлари бензин нархини ошириб, ҳайдовчилар бир ойда арзон нархда сотиб олиши мумкин бўлган ёнилғи кўламига чеклов жорий қилди. Бундай чораларга АҚШ молиявий санкциялари сабаб бўлгани айтилмоқда.

14 ноябрь куни Миллий нефть маҳсулотларини тақсимлаш ширкати ҳар бир хусусий автомобиль бир ойда 60 литр ёнилғини арзон нархда сотиб олиши мумкинлигини ҳамда бензин нархи 9 центдан 12,7 центга кўтарилишини маълум қилди. Такси ҳайдовчилари ва тез ёрдам машиналари эса ойига 500 литргача ёнилғини арзон нархда харид қилиши мумкин бўлади. Белгиланган лимитдан кейин ёнилғини қимматроқ нархда - литрини 26 центга сотиб олиш керак бўлади.

Эрон ёнилғи энг арзон давлатлар қаторига киради. Мамлакат йирик энергия захираларига бой бўлса-да, нефтни қайта ишлаш қобилияти чекланган бўлиб, ички бозорни етарлича ёнилғи билан таъминлай олмай келади.

Халқаро санкциялар нефтни қайта ишлаш заводларини қайта таъмирлашни ва керакли эҳтиёт қисмларни харид қилишни мушкуллаштирди, натижада муаммо янада кескинлашди.

2007 йилда ўша пайтдаги президент Маҳмуд Аҳмадинажоднинг ёнилғини тақсимлаш қарори мамлакат бўйлаб норозилик намойишларига сабаб бўлган эди.