Журналистлар ижодий уюшмаси Тошкент шаҳар ҳокимига тегишли эканига ишонилган ҳақорат ва таҳдидларга тўла аудиоёзувга ўз муносабатини билдирди.
Уюшма баёнотини Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги - ЎзА чоп этди.
Уюшма баёнотида айтилишича, тармоқларда кескин қораланаётган аудиоёзувдаги овознинг шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли эканига ишонилса, бу сўзлар мулозимнинг нафақат эгаллаб турган лавозими, балки умуман инсонийликка тўғри келмайди.
"Қўшимча қилиб шуни алоҳида таъкидлаймизки, Журналистлар уюшмаси тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари ушбу ҳолат юзасидан ўзларининг адолатли хулосаларини билдиришлари зарур, деб ҳисоблайди. Инсон шаъни, жумладан журналист шаъни ва ҳақ-ҳуқуқи ҳимояси Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кафолатланган ва унинг ҳар қандай бузилишлари қонуний баҳоланиши лозим", дейилади уюшма баёнотида.
Ижтимоий тармоқларда ва маҳаллий нашрларда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг овози деб айтилаётган аудиоёзув 16 ноябр куни тарқалди.
Унда овоз эгаси журналистларни йўқ қилиш, гейга чиқариш билан таҳдид қилади.
Дарвоқе, Журналистлар ижодий уюшмасининг бу аудиоёзувга тезкор муносабати ҳам янгилик бўлди.
Бунга қадар уюшманинг амалдорлар томонидан журналистларга таҳдид, давлат идоралари томонидан босимларга жавобан бу қадар тезкор ва кескин муносабат билдиргани кузатилмаган эди.
Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг овози деб иддао қилинаётган аудиоёзувда овоз эгаси, жумладан, журналистларни гейга чиқариш ва сазойи қилиш билан таҳдид қилади:
"Что, мне трудно чтоли объявить вас геем? (Мен буни қилишим мумкин. Нима, менга сизларни гей деб эълон қилиш қийинми?) Это легко, легко! (Бу жуда осон, осон!) Легко! (Осон) Свобода слова! (Сўз эркинлиги!)"
Аудионинг охирида овоз эгаси журналистларни, ҳатто жисмонан йўқ қилиш билан таҳдид қилади:
"Уч кун йўқ бўлиб қолса, ҳамма жим-жит! Ў-ў-ў, сан тирикмисан, ҳеч ким хабар олмайди, айтиб қўяй, санга! У ер - бу ерда ёзишади, бир ҳафтадан кейин унутишади. Бўлди! Қаердадир чўкиб ўлгандир-да, чўмиловотганда кўп сув ичадидейишади. И всё (Тамом!). Ҳаёт шунақа! Шунинг учун, лучше с нами работайте (яхшиси биз билан ишланглар). Если у вас будут какие-то проблемы, помогите нам, чтобы мы решили эту проблему (Агар сизларда қандайдир муаммо туғилса, бизга бу муаммони ечишда ёрдам беринглар)".
Ҳозирча Ортиқхўжаев ҳам, у раҳбарлик қилаётган Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ҳам тармоқда тарқалган аудиога муносабат билдирмади.
Айни пайтда, ижтимоий тармоқларда шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг истеъфосини талаб қилиш бошланди.