Эрон олий раҳбари ҳукумат бензин нархини кескин оширганини қўллаб-қувватлашини айтди ҳамда мамлакатнинг ўнлаб шаҳарларида юзага келган норозилик намойишларини танқид қилди.
Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг 17 ноябрдаги изоҳлари мамлакатнинг айрим жойларида намойишчилар билан полиция махсус бўлинмалари ўртасида рўй берган тўқнашувлардан сўнг янгради.
Намойишлар ҳукумат 15 ноябрда бензин сотиб олишни чеклаш ва бензин учун ажратилаётган субсидия миқдорини камайтириш ҳақида маълум қилгандан кейин бошланиб кетди.
Мамлакат жанубидаги Сиржан шаҳрида 16 ноябрда бир киши ўлдирилди.
Тасдиқланмаган хабарларда айтилишича, бошқа шаҳарлар, жумладан, Беҳбаҳон, Исфаҳон ва Мариван шаҳарларда рўй берган тўқнашувларда 4 киши ҳалок бўлган.
50 ка яқин шаҳарда намойишлар ўтказилгани ҳақида хабарлар бор.
Улкан энергия захираларига эга Эронда ҳукумат субсидиялари ажратилаётгани сабабли ёнилғи баҳоси жуда паст эди.
Аммо қайта ишлаш қувватлари етишмаётгани сабабли мамлакатда ички талабларни қондириш учун кўп ҳаракат қилинмоқда. Халқаро санкциялар сабаб қайта ишлаш заводларини таъмирлаш ва янгилаш учун эҳтиёт қисмлар етишмаяпти.
АҚШ президенти Доналд Трамп жорий йил бошида Эронга қарши санкцияларни қайта жорий этган ва Теҳронни 2015 йилги ядро дастури битимини бажармаётганликда ва ракета дастурини давом эттира ётганликда айблаган эди.
Хоманаий давлат телевидениеси орқали билдирган фикрларида номи очиқ айтилмаган чет эл кучларини саботаж қилишда айблади ҳамда мамлакатнинг кучишлатар қўшинларини “ўз вазифасини бажариш”га даъват қилди, аммо ўша вазифа нима эканини очиқламади.
‒ Айрим кишилар ушбу қарордан хавотирга тушгани шубҳасиз... Бироқ саботаж билан ўт қўйишни бизнинг халқимиз эмас, безорилар қилган. Аксилинқилоб ва Эроннинг душманлари саботажни, хавфсизликка зарар етказишни ҳар доим қўллаб-қувватлаб келган, ‒ деди Хоманаий.