Kun.uz таҳририяти Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан ўзаро муросага келди. Бу ҳақда Kun.uz 17 ноябрда хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, 17 ноябрь куни Kun.uz таҳририяти вакиллари Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан учрашган.
“Шуни расман маълум қилмоқчимизки, мазкур мулоқот якунига кўра сайт жамоаси ва пойтахт ҳокимлиги раҳбарияти ўртасидаги барча тушунмовчиликлар барҳам топди. Томонлар бир-бирини тушуниб, ўзаро муросага келди”, дейилади хабарда.
Kun.uz бошқа нашрлардан “бу масалани ортиқ муҳокама қилмасликни сўраймиз, зеро фақат икки тарафгагина тегишли бу низо турли сиёсий кучлар ва шахслар томонидан тор манфаатлар йулида қурол сифатида фойдаланилишини хоҳламаймиз”, деб илтимос қилган..
16 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли экани иддао қилинган аудиоёзув тарқатилган эди.
Ёзувда, овоз эгаси журналистларни жисмонан йўқ қилиш, гейга чиқариб маҳалласида сазойи қилишини айтиб, очиқдан-очиқ таҳдид қилади.
Kun.uz нашри бу таҳдидлар нашр мухбирлари - Раҳматилла Исроилов, Шерзод Эгамбердиев ва Баҳодир Аҳмедовлар ҳоким қабулида бўлган чоғда янграгани ҳақида ёзган эди.
Бош прокуратура 17 ноябрда аудиоёзув бўйича суриштирув бошлаганини билдирганди.