Қўшма Штатлар Эронда норозиларга қарши куч қўлланилганини кескин қоралади.
Оқ Уйнинг 17 ноябрь куни эълон қилган баёнотида АҚШ тинч намойишлар ўтказаётган Эрон халқини қўллаб-қувватлаши билдирилган. “Биз намойишчиларга қарши ҳаддан ортиқ куч қўлланлиганини қоралаймиз”, дейилади баёнотда.
Эрондаги намойишлар АҚШ санкциялари ортидан ҳукумат бензин нархини кескин оширгани оқибатида 15 ноябрда бошланиб кетган эди.
Тасдиқланмаган хабарларга қараганда, полиция ва норозилар тўқнашуви оқибатида ўнга яқин одам ҳалок бўлган. Намойишлар юзга яқин шаҳарларда ўтказилаётгани айтилмоқда.
Форс агентлигининг билдиришича, мингга яқин одам ҳибсга олинган. Намойишлар бошланганидан бери юзга яқин банк ва дўконларга ўт қўйилган.
17 ноябрда АҚШнинг Бирлашган Араб Амирликларидаги элчиси Жон Раколта AP агентлигига берган интервьюсида:
-Биз Эронда режим алмашинуви тарафдори эмасмиз. Биз Эрон халқи ўз келажагини ўзи белгилайди деб ҳисоблаймиз,-деб айтди.