Тошкентдаги "Mont Blanc" хусусий шифохонасида ўтказилган жарроҳлик амалиётидан сўнг беморлар ўлими ҳолатлари бўйича Бош прокуратура жиноят иши қўзғади.
18 ноябрда Бош прокуратуранинг маълум қилишича, 12 ноябрда ЖКнинг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4-қисми «а,б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда ушбу жиноят иши бўйича Шайхонтоҳур туман прокуратурасида дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, унинг бориши Бош прокуратура томонидан назоратга олинган.
Бундан ташқари, туман прокуратураси томонидан юқоридаги каби ҳолатларни келгусида содир этилишини олдини олиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдимнома киритилган.
"Mont Blanc" хусусий шифохонаси устидан жиноят иши очилишига асос бўлган ҳолатлар тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.
13 ноябрда Москва шифохоналаридан бирида шу йилнинг августидан буён комада ётган 22 яшар самарқандлик талаба Ўлмасхон Баҳронов вафот этди. Жума, 15 ноябрга ўтар кечаси Ўлмасхоннинг жасади Ўзбекистон консуллиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги кўмагида Самарқандга юборилди.
Баҳроновлар оиласи ҳимоячилари Ўлмасхоннинг комага тушишида Тошкентдаги Mont Blanc хусусий клиникаси врачлари қўли борлигини иддао қилган.
Жорий йилнинг 24 августида Тошкентнинг Mont Blanc хусусий пластик хирургия клиникасида жарроҳлик амалиётидан ўтаётган 20 яшар самарқандлик Гулшан Шарифова вафот этган эди. Бундан 5 кун олдин, 19 август куни, худди шунақа операция пайтида клиникада 42 яшар қозоғистонлик Лилия Апостолова ҳам вафот этгани тўғрисида Озодлик хабар қилганди.