Эронда бензин нархи ошиши ортидан бошланган намойишларда бир неча киши ҳалок бўлди

Эрон. Расмий маълумотларга кўра, намойишчилар ва полиция тўқнашувларида камида 6 нафар одам ҳалок бўлган.

Эронда бензин нархлари оширилганидан уч кун ўтиб, вазият танг бўлиб қолмоқда. 15 ноябрда Эрон расмийлари бензин сотиб олишни чеклаш ва бензин учун ажратилаётган субсидия миқдорини камайтириш қарорини эълон қилиши ортидан мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетди.

18 ноябрь вазият қандайлиги ҳақида тўлиқ маълумот йўқ, чунки мамлакат расмийлари йирик шаҳарларда Интернетга уланишга чеклов жорий қилди.

Расмий маълумотларга кўра, намойишчилар ва полиция тўқнашувларида камида 6 нафар одам ҳалок бўлган. Уларнинг уч нафари намойишчи, икки нафари хавфсизлик хизмати ходими, бир нафари эса соқчи эканлиги айтилмоқда.

AFP агентлиги ҳукумат расмийсига таянган ҳолда вазият “нисбатан тинч” эканлиги, аммо “кичик муаммолар” давом этаётганини хабар қилди.

Ижтимоий тармоқларда улашилган оз сонли видеоларда хавфсизлик ходимларининг намойишчиларни ўққа тутаётганини кўриш мумкин.
Эрон матбуоти тарқатган хабарларга кўра, намойишлар туфайли 17 шаҳарда мактаблар вақтинча ёпилган.

17 ноябрь куни Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳукумат бензин нархини оширганини қўллаб-қувватлашини айтди ҳамда мамлакатнинг ўнлаб шаҳарларида юзага келган норозилик намойишларини танқид қилди.