Россия прокуратураси Петербургдаги метрода террор ҳаракатини содир этганликда айбланиб судланаётган тўрт нафар ўзбекка умрбод қамоқ жазоси берилишини сўрамоқда. Москва округ ҳарбий судида 18 ноябрь куни ўтган жараёнда прокурор Надежда Тихонова судланувчиларнинг айбдорлиги тасдиқланди, деб ҳисоблашини билдирди.
Судда Аброр ва Акром Азимовлар, Муҳаммадюсуф ва Иброҳимжон Эрматовлар асосий айбдорлар сифатида кўрилмоқда.
Улар билан бирга судланаётган яна етти киши “Террорчи гуруҳ фаолиятида иштирок этиш”, “Теракт уюштириш ва режалаштириш”, "Қуролларни ноқонуний тайёрлаш ва транспортировка қилиш” да айбланмоқда.
Прокуратура уларнинг ҳар бирига 28 йилгача қамоқ жазоси белгилашни талаб қилаётир. Агентликларнинг билдиришича, прокурорнинг мазкур талабидан сўнг, судланувчилардан бирининг аҳволи ёмонлашган ва унга тиббий ёрдам кўрсатилиши учун суд жараёнида танаффус эълон қилинган.
Судда 11 нафар судланувчидан ўн нафари билдирилаётган айбловни тан олишдан бош тортди. Суд мажлисларидан бирида улар “Биз айбдор эмасмиз”, “Бизни подстава қилишди” сўзлари ёзилган қоғозларни кўтариб ўтиришди.
Петербург Жамоатчилик назорат комиссияси айбланувчи Муҳаммадюсуф Эрматовнинг “ФСБ махфий қамоқхонасида қийноқларга солингани” тўғрисидаги аризаси текширилишини талаб қилмоқдалар. Бу каби аризаларни Акром ва Аброр Азимовлар ҳам топширган эди.
Петербург метросидаги портлаш юзасидан айбланаётганларга нисбатан суд жараёни 2019 йилнинг 2 апрель куни бошланган.
2017 йилнинг 3 апрелида Петербург метросида портлаш содир бўлиб, 16 одам, жумладан худкуш экани иддао қилинаётган 22 ёшли Қирғизистон фуқароси Акбаржон Жалилов ҳалок бўлган эди. Портлашда 103 одам жароҳатланган. Ўлганларнинг 9 нафари аёл, 7 нафари эркак эди. Мазкур ҳодисада гумонланиб 11 нафар ўзбек қўлга олинган.
Террорчиликда айбланиб судланаётганлар: Ака-ука Аброр ва Акром Азимовлар, ака-ука Иброҳим ва Муҳаммадюсуф Эрматовлар, Шоҳиста Каримова, Маҳамадюсуф Мирзаалимов, Дилмурод Мўйдинов, Сайфулло Ҳакимов, Баҳром Эргашев, Содиқ Ортиқов ва Азамжон Маҳмудов. Улар асосан Ўзбекистон ва Қирғизистон, бир нафари Тожикистон фуқаросидир.