Грузия пойтахти Тбилисида 18 ноябрь куни парламент биносини қамал қилган норозиларни тарқатиш учун ОМОН сув пуркагичларни қўллади. Муддатидан олдин сайлов ўтказишни талаб қилиб намойишга чиққанлардан бир нечаси қўлга олинди.
Юзлаб норозилар парламент биноси олдида “Сизлар кетинг! Яшасин, Грузия!” деб ҳайқириб турдилар.
Грузия парламенти сайлов тизимини ислоҳ қилиш бўйича янги чораларни кўришдан бош тортгач, 17 ноябрь куни Тбилиси марказига 20 минг норози йиғилган эди. Бунга қадар бир неча минг киши 15 ноябрдан бери намойиш ўтказиб келаётганди.
Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, норозилардан 37 киши қўлга олинган. Европа Иттифоқи ва АҚШ Грузия ҳукуматини, сиёсий партияларни ва фуқаролик жамиятини “Эҳтиросларга берилмай, мулоқот орқали муросага келишга” чақирмоқда.