Эрон ҳукумати расмий вакили Али Робеий 18 ноябрда мамлакатда «вазият барқарорлашаётгани» тўғрисида баёнот берди.
-Бугунги кунда вазият кечаги кунга солиштирганда 80 фоизга барқарорлашди. Ҳеч қандай муаммолар бўлмади. Фақат айрим арзимас муаммоларни ҳал қилиш қолди. Эртага ҳеч қандай тартибсизликлар бўлмайди, - деб билдирди Робеий.
Айни пайтда ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган видеоларда Эронда намойишлар давом этаётганини кўриши мумкин. Айрим видеоларда кучишлатар тузилмалар норозиларга қарата ўқ отаётгани тасвирланган.
Эрон матбуотининг билдиришича, Теҳрон, Исфахон, Широз ва бошқа шаҳарларда камида бешта университет ёпилди. 17та шаҳарда эса мактаблар ишламаяпти.
15 ноябрда Эрон расмийлари бензин сотиб олишни чеклаш ва бензин учун ажратилаётган субсидия миқдорини камайтириш қарорини эълон қилиши ортидан мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетган эди.