“Ўзтрансгаз” автомобил ҳайдовчиларини яқин кунларда автомашиналарга сиқилган газ қуйишда муаммолар пайдо бўлиши эҳтимолидан огоҳлантирди.
Ширкатнинг 18 ноябрда расман билдиришича, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида об-ҳавонинг кескин совиб кетиши соат 17-00 дан 22-00 гача газ таъминоти тизимида айрим муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
“Ҳурматли автотранспорт эгалари! Куннинг кечки вақтларида (соат 17-00 дан 22-00 гача) аҳолига, ижтимоий аҳамиятга эга объектларга, шунингдек республиканинг иссиқлик, электр-энергия ишлаб чиқарувчи корхоналарига табиий газ максимум етказиб берилишини инобатга олиб, Сизлардан автомашиналарингизга сиқилган газ қуйишда ушбу вақтларда вужудга келиши мумкин бўлган вазиятларга тушунган ҳолда муносабатда бўлишингизни сўраймиз. АЖ истеъмолчиларни табиий газ билан таъминлашдаги узилишларнинг олдини олиш учун барча чораларни кўради”, дейилади хабарда.
“Ўзтрансгаз” аввалдан келиб чиқиши мумкин бўлган вақтинчалик ноқулайликлар учун ҳайдовчилардан узр сўради.