19 ноябрь куни Грузияда куни кеча мамлакат парламенти олдида бўлиб ўтган намойиш давомида қўлга олинган 37 шахс устидан суд бошланди. Намойишчилар адвокати Георгий Ониянининг айтишича, улар полиция ходимларига бўйсунмасликда ҳамда безориликда айбланмоқда.
18 ноябрь куни Грузия Ички ишлар вазирлиги парламент биноси эшиклари “сунъий тўсиқлардан” тозаланганини маълум қилди. Куни кеча пойтахт Тбилисида норозилар парламент биносини ўраб олган, уларни тарқатиш учун ОМОН сув пуркагичларни қўллаган эди.
Намойишларга Грузия парламенти сайлов тизимини ислоҳ қилиш бўйича янги чораларни кўришдан бош тортгани сабаб бўлди. Тўрт кун давомида бир неча ўн минг одам намойиш ўтказди.
Ички ишлар вазирлиги бугунга келиб парламент ҳеч бир чекловсиз ўз фаолиятини давом эттира олишини билдирди.
18 ноябрь куни полиция намойишчиларни пуркагичлар билан тарқатишга уринар экан, норозилар парламент биноси олдида “Сизлар кетинг! Яшасин, Грузия!” деб ҳайқириб турдилар. Намойишчилар қоронғи тушгунича парламент олдидан кетмади.
Ички ишлар вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, полиция ва намойишчилар ўртасидаги тўқнашувларда камида 6 одам, жумладан, икки нафар полиция ходими жароҳат олган.