Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 19 ноябрь куни реванш олиб, Фаластин футболчиларини 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Бундан аввал - 5 сентябрдаги ўйинда Фаластин Ўзбекистонни 2:0 ҳисобида ютган эди.
Ўйин “Пахтакор” стадионида 2022 йилги Жаҳон чемпионати Осиё саралаш босқичининг иккинчи раунди доирасида бўлиб ўтди.
Фаластин дарвозасига ҳар иккала голни Элдор Шомуродов киритди. Биринчи гол ўйиннинг 18-дақиқасида, иккинчи гол 58-дақиқада урилди.
5 сентябрь куни Фаластиннинг Ал-Рам шаҳрида ўтган ўйинда Ўзбекистон тарихда биринчи марта Фаластин жамоасига 2:0 ҳисобида ютқизганди.
Бунга қадар Ўзбекистон ва Фаластин жамоалари тўрт марта учрашган, бу учрашувлар ўзбек футболчилари ғалабаси билан якун топган эди.
Айни пайтда Ўзбекистон 9 очко билан саралаш босқичининг Д гуруҳида биринчи ўринга кўтарилди, Фаластин эса 4 очко билан тўртинчи ўринда қолди. Саудия Арабистони (8), Яман (5) ва Сингапур (4) ҳали ўз ўйинларини ўтказишмаган.