Таниқли актриса Гавҳар Шарипова юк машинасидан ўзини ерга ташлаб ҳалок бўлган. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБга таянган ҳолда хабар берди.
Хабарда айтилишича, 19 ноябрга ўтар кечаси соат 02:20 ларда Гавҳар Шарипова Самарқанд—Ғузор автомобиль йўлининг 140-километрида ҳалок бўлган.
Бунга актриса бораётган Isuzu юк автомашинаси ҳайдовчиси шилқимлик қилгани сабаб бўлган. Актриса ҳайдовчининг шилқимлигидан қутулиш учун 140 километр тезликда кетаётган машинадан сакраган.
“Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида яшовчи 1990 йилда туғилган Ш.Ф. бошқарувида бўлган Isuzu юк автомашинаси соатига 140 км тезликда ҳаракатланиб келаётган пайтда ҳайдовчи бир қўлида автомобилини бошқариб туриб, ўнг қўли билан автомобиль салонида йўловчи сифатида кетаётган актрисанинг елка ва қўлларидан ушлаб шилқимлик қилган”, дейилади хабарда.
Ғузор туман Ички ишлар бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатган ва ҳайдовчи қўлга олинган. Агар у айбдор деб топилса, етти йилгача қамалиши мумкин.
Аввалроқ “Ўзбеккино” актриса Гавҳар Шарипова 18 ноябрь куни Қашқадарё вилоятида юз берган автоҳалокат натижасида вафот этгани ҳақида хабар берган эди.
Гавҳар Шарипова 1980 йилда Навоий шаҳрида туғилган. 2001 йилда Тошкент Давлат санъат институти (ҳозирги Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти)ни драма-театр ва кино актёрлиги йўналиши бўйича тамомлаган. Ўзбек Миллий академик драма театрида фаолият кўрсатган ва кинофильмларда қатор ёрқин образларни яратган.