Вазирлар маҳкамаси енгил автомашиналарни чегарадан 15 дақиқа ичида ўтказишга кўрсатма берди

Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси олдида.

Бундан буён автотранспорт воситалари ва уларда бораётган йўловчиларни чегарадан ўтказиш ярим соатдан ошмаслиги лозим. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси 18 ноябрда махсус нимзомни тасдиқлади.

Низомга асосан чегарадан ўтиш «Ягона дарча» божхона ахборот тизими асосида амалга оширилади. Чегарадан енгил автотранспорт воситалари 15 дақиқа, юк автотранспорт воситалари 30 дақиқадан кўп бўлмаган муддатда ўтказилиши шарт.

Низомга асосан Ўзбекистонга кириб келаётган енгил ва юк автомашиналарини текшириш вақти қуйида белгиланган тартибдан кўп вақтни олмаслиги лозим:

санитария-карантин назорати (ҳайдовчи санитария назоратидан ўтказилади) — 3 дақиқа;

чегара назорати (Давлат чегарасини кесиб ўтиш ҳуқуқни берувчи ҳужжатлар мавжудлиги ва паспорт текширилади) — 4 дақиқа;

божхона назорати (ҳайдовчи, товарлар ва автотранспорт воситаси божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилади) — 15 дақиқа;

фитосанитария назорати (олиб ўтилаётган товар фитосанитария назорати объекти бўлса, фитосанитария назоратидан ўтказилади) — 4 дақиқа;

ветеринария назорати (олиб ўтилаётган товар ветеринария назорати объекти бўлса, ветеринария назоратидан ўтказилади) — 4 дақиқа.

Ўтказиш пунктида фаолият олиб борувчи давлат назорати органлари қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаганида назоратдан ўтиш вақти белгиланган муддатдан ортиқ бўлиши мумкин.