Amnesty International халқаро ташкилоти 19 ноябрь куни тарқатган баёнотида Эрондаги норозилик намойишларида 21та шаҳарда камида 106 норози ҳалок бўлганини билдирди.
“Ҳалок бўлганлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Айрим манбалар камида 200 нафар одам ўлганини айтмоқда”, дейилади баёнотда.
Эрон расмийлари эса намойишларда 12 одам ҳалок бўлгани ва 600 одам ҳибсга олинганини маълум қилган.
15 ноябрда Эрон расмийлари бензин сотиб олишни чеклаш ва бензин учун ажратилаётган субсидия миқдорини камайтириш қарорини эълон қилиши ортидан мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетган эди.
Эрон ҳукумати расмий вакили Али Робеий 18 ноябрда мамлакатда «вазият барқарорлашаётгани» тўғрисида баёнот берди.