Президент Мирзиёев 20 ноябрь куни Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолияти билан танишди.
Бу ҳақда хабар қилган ЎзАга кўра, ушбу IT-парк Президентнинг 2018 йилда Ҳиндистонга давлат ташрифи чоғида эришилган келишув асосида, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан Ҳиндистон Республикасининг Электроника ва ахборот технологиялари вазирлиги қошидаги Дастурий технологиялар парклари жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 январдаги қарорида технопарк фаолиятини йўлга қўйиш чора-тадбирлари белгиланган, шу мақсадда дирекция тузилган, июлда унинг дастлабки биноси фойдаланишга топширилди.
Мазкур технопарк резидентлари сифатида рўйхатдан ўтган корхоналар 2028 йилнинг 1 январига қадар солиқлар ва божхона тўловларидан озод этилган. Бу соҳа мутахассисларига катта мадад бўлиб, технопаркка қизиқишни оширмоқда. Қисқа вақтда унинг резидентлари сони 300 дан ортди.