Янги йилдан имтиёзли кредитлар бериш бекор қилинади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда 2020 йилнинг 1 январидан имтиёзли равишда кредитлар бериш амалиёти бекор қилинади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 19 ноябрда имзолаган “Инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш орқали пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонда белгиланди.

Айни пайтда фармон билан “фоиз харажатларининг маълум бир қисмини компенсация қилиш механизмларини жорий этиш орқали тижорат банкларига фоиз ставкаларини мустақил белгилаш ҳуқуқи” берилади.

Фоиз ставкалари Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан кам бўлмаган даражада белгиланади. Лекин ипотекани кредитлаш бўйича давлат дастурлари ҳамда пахта хомашёси ва бошоқли дон экинларини етиштириш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга ажратиладиган кредитлар бундан мустасно бўлади.

Айни пайтда Ўзбекистонда қайта молиялашнинг устама ставкаси 16 фоизни ташкил қилади. “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида кредитлар 8 фоиз, “Ёшлар- бизнинг келажагимиз” дастури асосидаги кредитлар 7 фоиз устама билан берилади.