АҚШда президент Трампга импичмент доирасидаги тингловлар давом этмоқда

АҚШнинг Европа Иттифоқидаги элчиси Гордон Сондленд.

АҚШнинг олий мартабали дипломати АҚШ конгресси ўтказаётган импичмент тергови доирасидаги тингловда президент Дональд Трамп ўз сиёсий рақиби устидан тергов ўтказишга ваъда берса, Украина раҳбари Володимир Зеленскийни Оқ Уйда қабул қилишга тайёр эканини билдиргани тўғрисида гувоҳлик берди.

АҚШнинг Европа Иттифоқидаги элчиси Гордон Сондленд 20 ноябрда ўтган тингловда бу ҳақда гапирар экан:

-Ўшанда Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатиш тўғрисида АҚШ томонидан ишонарли тушунтириш берилмаётганидан келиб чиқиб, мен бу ёрдам Украина тергов ўтказиш тўғрисида расман эълон қилмагунича берилмаса керак, деган хулосага келган эдим, - деб қўшимча қилди.

Дональд Трампга нисбатан импичмент тергови доирасидаги тинглов 13 ноябрда бошланган.

АҚШ Конгрессининг демократ аъзолари Трампни жорий йилнинг июлида Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон мулоқоти давомида уни 2020 йилги президент сайловида асосий рақиби бўлиши кутилаëтган демократ Жо Байден ва унинг ўғлини Украинадаги бизнес фаолияти учун тергов қилишга ундаганликда айбламоқда.