Грузияда полиция билан тўқнашган 10 намойишчи қамалди

Грузия мухолифати мавжуд сайлов тизими ҳукмрон “Грузин орзуси” партиясига ён босишини айтиб келади.

Грузия суди мухолифат намойишида қатнашган 10 шахсни 4 кундан 13 кунгача қамади. Улар полиция ходимларига бўйсунмасликда айбдор деб топилди.

Ҳафта бошида Грузия парламенти олдида бўлиб ўтган намойиш давомида қўлга олинган яна 25 шахс устидан суд ўтказилиши кутилмоқда.

18 ноябрь куни минглаб грузиялик парламент олдида намойишга чиқиб, навбатдан ташқари сайлов ўтказишни талаб қилди.

Намойишларга Грузия парламенти сайлов тизимини ислоҳ қилиш бўйича талабларни кўришдан бош тортгани сабаб бўлди.Тўрт кун давомида бир неча ўн минг одам намойиш ўтказди.

Грузия мухолифати мавжуд сайлов тизими ҳукмрон “Грузин орзуси” партиясига ён босишини айтиб келади. Шу сабаб жорий йилнинг июнь ва июль ойларида минглаб одам сайлов тизимини ўзгартириш талаби билан норозилик намойишига чиққан эди.

“Грузин орзуси” партияси, жумладан, унинг миллиардер асосчиси Бидзина Иванишвили талаб қилинган ислоҳотларни қўллади, аммо 14 ноябрь куни мамлакат парламентида бу ўзгаришлар маъқулланмади.