Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг номзоди Тошкент шаҳар кенгаши депутатлигига 48-“Тинчлик” сайлов округидан кўрсатилди.
Бу ҳақда хабар қилган qalampir.uzга кўра, Ортиқхўжаевнинг номзоди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал демократик партияси томонидан кўрсатилган.
Сайт маълумотларига қараганда, Жаҳонгир Ортиқхўжаев 1975 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Миллати – ўзбек. Маълумоти – олий. 1996 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган.
1996-2011 йилларда “Жаҳонгир” МЧЖ директори;
2011-2017 йилларда “Артел Инжиниринг” МЧЖ директори;
2017-2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Tashkent city” халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш дирекцияси ДУК раҳбари лавозимларида ишлаган.
2018 йилнинг апрель ойидан бошлаб Тошкент шаҳар ҳокими лавозимида фаолият юритиб келмоқда.
Маълумот ўрнида, 2018 йилнинг 1 июль куни бўлиб ўтган сайлов натижаларига кўра, Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг номзоди илгари сурилди ва Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг депутати этиб сайланди. Унинг номзоди 23-“Мойқўрғон” сайлов округида ЎзЛидеп партиясидан кўрсатилганди.
2018 йилнинг 18 сентябрь куни Жаҳонгир Ортиқхўжаев Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарори билан Олий Мажлис Сенати аъзоси сифатида рўйхатга олинди.
- Жаҳонгир Ортиқхўжаев кейинги кунларда унинг журналистларга таҳдиди акс этган аудионинг тарқалиши ортидан кенг муҳокамалар объектига айланди.