Ҳар бир туман ва шаҳарда театр, ашула ва рақс ансамбли ташкил этиш ҳақида кўрсатма берилди

Иллюстратив сурат.

“Ўзбекистон халқ артисти”, “Ўзбекистон халқ рассоми” каби фахрий унвонларга эга бўлган ижодкорлар, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари ҳокимларга ижодий маслаҳатчи сифатида бириктирилади.

Бу борада Вазирлар Маҳкамаси 21 ноябрь куни қабул қилган “Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ёшларни маданият ва санъат муассасаларига кенг жалб этиш орқали уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”ги қарорда мана шу меъёр белгиланди.

Қарорга асосан маданият ва санъат масалалари бўйича ижодий маслаҳатчилар ўз фаолиятини жамоатчилик асосида олиб боради.

Ижодий маслаҳатчиларнинг асосий вазифаси тегишли ҳудуддаги ёшларни маданият ва санъатга кенг жалб этиш юзасидан ҳокимликларга методик, ижодий ва ташкилий жиҳатдан ёрдам беришдан иборат.

Шунингдек, қарорга кўра 2019 йил якунига қадар ҳар бир туман ва шаҳар марказий маданият марказида жамоатчилик шаклида биттадан театр жамоаси, вокал чолғу ансамбли, ашула ва рақс ансамбли ҳамда намунавий болалар ансамбли ташкил этилади.