Қирғизистон парламенти - Жўғўрқу Кенеш депутати Дастан Бекешев "Азаттиқ" радиосининг (Озод Европа/Озодлик радиоси қирғиз хизмати) божхонадаги коррупция тўғрисидаги журналистик суриштируви ортидан парламент ҳукуматни истеъфога чиқариши керак деган фикрни илгари сурди.
«Биринчидан, журналистларнинг хавфсизлигини таъминлаш керак. Бу жиддий суриштирув. Иккинчидан, Бош прокуратура, финполиция, Финразведка, МХДҚ ва Божхона хизмати раҳбарларини истеъфога чиқариш керак. Уларнинг ўрнига жамият ишонадиган инсонларни қўйиш керак. Ҳамда биз янги раҳбарлардан суриштирувлар диққат билан олиб борилишини талаб қилишимиз керак. Жиноят иши очиш, тергов олиб бориш ва айбдорларни судлаш керак. Биз, депутатлар ҳукуматни истеъфога чиқаришимиз керак. Ҳукуматга ишонч қолмади», -деди Бекешев.
Ўз сайтида депутат баёнот берар экан, мамлакат «контрабандистлар, коррупционерлар, Уюшган жиноий гуруҳлар ва пул ювувчилар» қўлида эканлигини таъкидлади. У фуқароларга мурожаат қилиб четда турмасликни, журналистик суриштирувни #япротивматрстана хаштеги орқали ўртоқлашишни таклиф қилди.
Ўз навбатида парламентдаги «Ата Мекен» фракцияси раҳбари Алмамбет Шикмаматов, коррупция тўғрисидаги журналистик суриштирув ҳуқуқ-тартибот идораларига текшириш ўтказиш имконини беришини маълум қилди.
У «Азаттиқ» билан суҳбатда суриштирувга президент Сўўрўнбай Жээнбеков ҳам эътибор қаратиши кераклигини таъкидлади. «Президент Хавфсизлик Кенгаши раисидир. Коррупцияга қарши кураш бошида турган инсон сифатида у бу суриштирувга муносабат билдириши керак. Агар муносабат билдирмайдиган бўлса, у ҳолда ҳукуматнинг ўзи коррупция ботқоғига ботганидан далолатдир», -деди депутат.
Унинг қўшимча қилишича, хитойлик тадбиркор Айэркен Саймаитининг ўлдирилишини тергов қилиш мақсадида яқинда ташкил этилган парламент комиссияси ўз таркибидан ҚСДП фракцияси аъзоси Искендер Матраимовни чиқариши керак.
Шикмаматовнинг «Азаттиқ» радиосига айтишича, Матраимовнинг комиссия таркибида бўлиши жамоатчилик томонидан ишончсизликни келтириб чиқариши мумкин. «Матраимов комиссия таркибидан чиқиши керак. Чунки жамоатчилик комиссия терговига ишонмаслиги мумкин. Биз бу масалани кўтариб чиқамиз ва Матраимовни комиссия таркибидан чиқаришни талаб қиламиз», -деди Шикмаматов.
«Азаттиқ» радиоси коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ қилиш Маркази (OCCRP) ва Kloop.kg сайти билан ҳамкорликда ўз суриштирувларининг иккинчи қисмини чиқарди, унда Қирғизистондан камида 700 млн доллар олиб чиқиб кетилгани таъкидланади. 10 ноябрь куни Истанбулда журналистик суриштирув фигурантларидан бири – келиб чиқиши уйғур бўлмиш хитойлик бизнесмен Айэркен Саймаити ўлдирилди. У журналистларга фирибгарликка Давлат божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовнинг оиласи аралашиб қолганини айтган эди.