Озодликнинг қамоқ ва ҳибсхоналар учун масъул амалдорлар ишдан олинганига оид хабарини ҳукуматдаги манбалар тасдиқлади

Ишдан олинганлар орасида ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондони, генерал-майор Дмитрий Пан ҳам бор.

Ички ишлар вазири ўринбосари Муҳиддин Жўраев ҳамда ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондони Дмитрий Пан лавозимидан озод қилингани тўғрисида Озодлик 21 ноябрда хабар қилган эди.

Бу хабарни ҳукуматдаги ахборот манбаси тасдиқлагани тўғрисида 22 ноябрда gazeta.uz хабар қилди.

Озодлик хабар қилганидек, Ўзбекистон ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари Муҳиддин Ўткирович Жўраевни лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги ҳужжатни мамлакат бош вазири Абдулла Арипов ўқиб бергани хабар қилинди.

Бу ҳақдаги қарорни 18 ноябрда президент Шавкат Мирзиёев имзолаган.

Муҳиддин Жўраев 2018 йил декабри охирида ички ишлар вазири ўринбосари лавозимига тайинланган эди. Аввал у Сирдарё вилоят ИИБ бошлиғи (2016−2018 йиллар) ҳамда Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани ИИБ бошлиғи (2014−2016) лавозимларида фаолият кўрсатган.

"ИИВнинг бошқа масъул ходимларининг ҳам лавозимларидан четлаштирилгани ҳақидаги хабарлар келиб тушмоқда. «Газета.uz» айни вақтда фақатгина ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондони генерал-майор Дмитрий Валерьевич Паннинг лавозимдан озод қилинганини тасдиқлата олди", деб хабар қилди сайт.