“Единая Россия” қурултойида Путин ўз партиясини масъулиятли, деб мақтади

Россия президенти Владимир Путин ҳукмрон “Единая Россия”нинг 23 ноябрь кунги қурултойида партия “фуқаролар ва ватан манфаатларини биринчи ўринга қўйиб, гуллаб-яшнаётганини” таъкидлади.

Партия қурултойида 2 мингга яқин вакил қатнашди.

Президент партия мураккаб вазиятларда ҳам “масъулиятдан қўрқмай келаётганини” қўшимча қилди.

Путин қурултой қатнашчиларини “дарҳол шуҳрат олиб келмайдиган ҳамда сайловларда қўл келмайдиган мураккаб қарорлардан ҳайиқмасликка” чорлади.

Келгуси йилда Россияда парламент сайловлари бўлиб ўтади.

Ўтган йилда “Единая Россия” партияси бошлаган пенсия ислоҳоти аҳолига хуш келмади, натижада Россия бўйлаб норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Жорий йилда эса сайловлардан Кремль чизиғидан юрмайдиган номзодларнинг четлатиши ортидан Россия бўйлаб минглаб одам намойишга чиқди.

Натижада, бир неча ҳудудда “Единая Россия” маҳаллий сайловларда ҳукмронликни қўлдан бой берди.

Қурултойда Путин қисқа сўзлаб, тўртинчи президентлик муддатининг қолган 5 йили учун ўз режалари ҳақида аниқ гапирмади.

Ғарб кузатувчилари Путин етакчилигида Россияда ўтказилган бирорта сайловни эркин ёки адолатли, деб топмади. Танқидчилар Путин мухолифат қўлини боғлаб, ўзига қаршиларни қамаб келаётгани, россияликларнинг намойишга чиқиш имконини янада чеклаб, “хориж агенти” қонунлари билан фуқаровий гуруҳларга қарши курашаётганини айтиб келади.

“Единая Россия” расмийлари 2021 йилги сайловларда Россия давлат думасидаги 450 ўриннинг камида 301 ини эгаллашга умид қилаётганини билдирган.