ИИББ: Гиёҳванд модда сайти рекламасига самарқандлик шахс буюртма берган

Тошкент шаҳар ИИББ гиёҳванд моддалар сайти яширинча реклама қилинган баннер буюртмачиси самарқандлик шахс эканини маълум қилди.

ИИББ очиқлаган тафсилотларга қараганда, самарқандлик шахс гиёҳванд моддалар сотиладиган сайтга элтувчи QR-кодли баннер учун буюртмани Россиядаги блогердан олган ва бундай баннерлар Самарқандда ҳам ўрнатилгани маълум бўлган.

"Яшнобод тумани ҳудудига баннерни жойлаштириш бўйича буюртмани 48 ёшли Ш. Ш. қабул қилиб олган ва ўрнатган. Буюртмачи эса ташқи рекламаларни тайёрлаш билан шуғулланувчи фирма раҳбари ҳисобланган Самарқанд вилоятида яшовчи 29 ёшли С. Х. бўлиб чиқди. С. Х. буюртмани интернет орқали Россиядаги блогердан олгани, пулни банк картасига ўтказиб беришганини маълум қилган", деб хабар қилади ИИББ.

Gazeta.uz нашрининг хабар қилишича, Тошкентдаги журналист Муҳаммадшариф Маматқулов рекламага эътибор қаратиб, ички ишлар органига мурожаат қилган. Таҳририят журналистлари QR-кодни синаб кўрганида, у ҳақиқатан ҳам .ru доменидаги стимуляторлар, эйфоретиклар, наркотик моддалар аралашмалари ва каннабиноидлар сотиладиган сайтга элтиши тасдиқланган.

Журналист Муҳаммадшариф Маматқулов Фейсбукдаги ўз саҳифасида рекламаларда гиёҳванд моддалар сотиладиган сайтлар QR-коди қўйилишини Қозоғистонда кўргани учун, бу ҳақда ички ишларга хабар берганини ёзган эди.