Туркманистон ички ишлар вазирлиги ходимларига хорижда ишлаётган қариндошларини ватанига қайтариш мажбурияти юкланди. Бу мажбуриятни бажармаган ходимлар ишдан бўшатилиши билдирилди. Бу ҳақда Озодлик радиоси туркман хизмати хабар берди.
Радио мухбирининг билдиришича, хориждаги қариндошни 1 январгача Туркманистонга қайтариш Ички ишлар ходимларини қайта аттестациядан ўтказишнинг аосий шарти қилиб қўйилган.
Бундан ташқари Ички ишлар вазирлигининг семиз ходимларига бир ой ичида озиш ҳақида кўрсатма берилди. Бунга янги вазирнинг “семиз полициячиларни ёмон кўриши” сабаб қилиб кўрсатилди.
Янги ички ишлар вазири октябрнинг бошларида тайинланган. Президент Гурбангули Бердимуҳаммедов йиғилиш пайтида Бош прокурорнинг ҳисоботидан кейин намойишкорона равишда ички ишлар вазирини ишдан бўшатган, унинг унвонини пасайтирган ва давлат мукофотларини бекор қилган эди. Полициянинг бир қатор юқори лавозимли амалдорлари эса қўлга олинган.