Грузияда ҳукмрон “Грузин орзуси” партияси мамлакатда бўлиб ўтган норозилик намойишларига қарамасдан, сайлов тизимини ислоҳ қилишдан бош тортди.
25 ноябрь куни партия бош котиби, Тбилиси мэри Каха Каладзе “масала ёпилди, сайлов тизими ўзгартирилмайди”, деди.
18 ноябрь куни минглаб грузиялик парламент олдида намойишга чиқиб, навбатдан ташқари сайлов ўтказишни талаб қилган эди.
Намойишларга Грузия парламенти сайлов тизимини ислоҳ қилиш бўйича талабларни кўришдан бош тортгани сабаб бўлди. Тўрт кун давомида бир неча ўн минг одам намойиш ўтказди. Уларнинг 37 нафари қўлга олинди.
Айни дамда Грузия парламентининг учдан бир қисми пропорционал вакиллик йўли билан сайланади. Грузия мухолифати бу тизим ҳукмрон “Грузин орзуси” партиясига ён босишини айтиб келади. Шу сабаб жорий йилнинг июнь ва июль ойларида минглаб одам сайлов тизимини ўзгартириш талаби билан норозилик намойишига чиққан эди.
“Грузин орзуси” партияси, жумладан, унинг миллиардер асосчиси Бидзина Иванишвили бошида талаб қилинган ислоҳотларни қўллади, аммо 14 ноябрь куни мамлакат парламентида бу ўзгаришлар маъқулланмади.
Каладзенинг 25 ноябрдаги билдируви ортидан мухолифат етакчилари ўша куни парламент олдида норозилик акцияси ўтказилишини маълум қилишди.