Равшан Эрматов ва Баҳодир Қўчқоров расман ҳакамлик фаолиятини тўхтатди

Баҳодир Қўчқоров (чапдан биринчи) ва Равшан Эрматов (чапдан учинчи) 2019 йил 26 ноябрдан бошлаб ҳакамлик фаолиятини тўхтатди.

Дунёнинг энг зўр ҳакамлар ўнлигига киритилган Равшан Эрматов ҳакамлик фаолиятини расман якунлади. У Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти лавозимидаги фаолиятини давом эттиради.

Бу ҳақда Малайзиянинг Куала-Лумпуре шаҳридаги Осиё футбол конфедерацияси қароргоҳида 26 ноябрда ташкил этилган махсус тадбирда маълум қилинди. Маросим пайтида Эрматовга Осиё футболига қўшган ҳиссаси учун махсус соврин топширилган.

Тадбирда Эрматов билан бир қаторда ўшлик Баҳодир Қўчқоров ҳам ҳакамлик фаолиятини якунлагани эълон қилинди. Баҳодир Қўчқоров Равшан Эрматов гуруҳи аъзоси сифатида 9 ўйинга ён қанотдан ҳакамлик қилган шахс сифатида футбол тарихига кирган.

Равшан Эрматов 2003 йилда 25 ёшида ФИФА ҳаками сифатида фаолият бошлаган.

2008-2011 йилларда беш маротаба Осиёнинг энг зўр ҳаками сифатида тан олинган. 2013 йилда Халқаро футбол статистикаси федерацияси томонидан дунёнинг энг зўр ҳакамлар ўнлигига киритилган. Учта Жаҳон чемпионатида 11 маротаба ҳакамлик қилган Равшан Эрматов бу соҳада рекордсмен саналади.

У “Ўзбекистон Ифтихори”(2010), “Эл-юрт ҳурмати” (2014) орденлари соҳиби. 2011 йилда Равшан worldreferee.com портали томонидан оламнинг энг яхши ҳаками сифатида эътироф этилган.