Ўзбекистон президенти 26 ноябрда “Аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ошириш ва унинг сифатини яхшилаш учун Ўзбекистон Республикасининг сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолади.
Фармонда таъкидланишича: “глобал иқлим ўзгариши туфайли республикада қуруқ фаслларнинг давомийлиги ошиб бормоқда, тоғларда қор захиралари майдони камаймоқда, камсувлик такрорланиши тобора кўпаймоқда, бу эса, ўз навбатида, сув танқислиги келиб чиқиш хавфининг ошишига олиб келади”.
Шундан келиб чиққан ҳолда президент Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига етакчи хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда сув таъминоти ва сув чиқариш тизимини ривожлантириш стратегияси концепцияси ишлаб чиқишни топширди.
Вазирлик Ягона давлат сув фонди сувларини ҳисобга олиш, мониторинг қилиш, хавфсизлиги ва сифатини таъминлашни мувофиқлаштириш соҳасида, шунингдек, ягона сув балансини шакллантириш бўйича ваколатли давлат орган этиб белгиланди.
Бундан ташқари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси сифатида қайта ташкил этилади.
Фармонга асосан “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ҳам ташкил этилди.