Тошкентдаги ёнғинда бир одам ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

Тошкентда юз берган ёнғин оқибатида бир одам ҳалок бўлди. Бу ҳақда Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати маълум қилди.

Расмий хабарда айтилишича, Миробод тумани «Байналминал» маҳалласидаги уйлардан бирида 26 ноябрь куни соат 12:36 ларда ёнғин чиққан.

Воқеа жойига учта ўт ўчириш бўлинмаси 7 дақиқада етиб борган. Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 12:59 да тўлиқ бартараф этилган.

Ёнғинни ўчириш вақтида уй эгасининг ўғли И.Й.нинг куйган ҳолдаги жасади топилган. Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.