Бош прокуратура жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими “Самарқандлик ўқитувчи 15 киши томонидан калтакланиши оқибатида вафот этгани айтилмоқда” деган сарлавҳа остида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар юзасидан баёнот берди.
Бош прокуратурага кўра, 20 ноябрь,соат таҳминан 03.40 ларда Самарқанд шаҳар, Беруний кўчасида фуқаро Жўрабек М. (1990 й.т. ишчи) шериклари Дониер С. (1994 й.т. судланган, ҳайдовчи) ва Мухаммад К.лар (1997 й.т. судланган, ишчи) билан олдиндан жиноий тил бириктириб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан, шаҳардаги 42-сонли умумтаълим мактаб ўқитувчиси Иззатило М. билан ҳеч бир сабабсиз жанжаллашиб, жанжал вақтида қўл ва оёқлари билан уни бош қисми ва танасининг турли соҳаларига бир неча маротаба қасддан уриб, ҳаёти учун хавфли бўлган тан жароҳати етказишган.
Натижада Иззатило М. шифохонага ётқизилган. Шифокорларнинг маълумотига кўра, Иззатило М.да “оғир ёпиқ КЦТ, бош миянинг оғир даражали лат ейиши” ташхиси қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан шу куни Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ ТБ томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилган.
Шифокорлар томонидан кўрсатилган муолажаларга қарамасдан 2019 йил 23 ноябрь куни Иззатило М. жонлантириш бўлимида вафот этган.