Daryo.uz сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев 27 ноябрь куни журналистлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқот давомида Гавҳар Шарипованинг ўлимидан кейин ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрларга муносабат билдираркан, марҳумни "руҳан носоғлом эди" деган.
"Бугун ўқиб қолдим: "Мен ҳам Гавҳар Шариповадек ўлиб кетсам керак", "У қийналди" ва бошқа-бошқа гаплар. Актриса Гавҳар Шарипованинг руҳий касалликка тушиб қолишига театр ёинки атроф-муҳит сабаб эмас. Мен буни очиқ айтаман. ‘Анақа бўлди, унақа бўлди’, деб ёзишибди... Кейинги вақтларда неча марта ‘Ўзбекконцерт’га ҳам борган, бизга ҳам келган, кечирасизлару — у руҳан носоғлом эди", - деган вазир Бахтиёр Сайфуллаев.
Ўзбек киносининг ёш вакилларидан бири, актриса Гавҳар Шарипова 18 ноябрь куни Қашқадарё вилоятида юз берган автоҳалокат натижасида вафот этган.
20 ноябрда Гавҳар Шарипова юк машинасидан ўзини ерга ташлаб ҳалок бўлгани хабар қилинди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБга таянган ҳолда хабар берди.
Айтилишича, бунга актриса бораётган Isuzu юк автомашинаси ҳайдовчиси шилқимлик қилгани сабаб бўлган. Актриса ҳайдовчининг шилқимлигидан қутулиш учун 140 километр тезликда кетаётган машинадан сакраган.
Гавҳар Шарипова 1980 йилда Навоий шаҳрида туғилган. 2001 йилда Тошкент Давлат санъат институти (ҳозирги Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти)ни драма-театр ва кино актёрлиги йўналиши бўйича тамомлаган. Ўзбек Миллий академик драма театрида фаолият кўрсатган ва кинофильмларда қатор ёрқин образларни яратган.