Хорижга ишлаш учун кетаётган Ўзбекистон фуқароларига ишга жойлашиш харажатларини қоплаш мақсадида бир йил муддатга 2 миллион сўм миқдорида микроқарзлар тақдим этилади.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 28 ноябрда билдиришича, бу борада вазирлик «Ўзагросуғурта» ва «Микрокредитбанк» билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади.
Меморандумга асосан, микроқарзлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг labour-migration дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган шахсларга берилади.
Микроқарзни расмийлаштириш жараёни бир банк кунида амалга оширилади. Бунинг учун хорижга кетаётган шахсдан паспорт ва ариза каби минимал ҳужжатлар талаб қилинади.
Микроқарзларнинг йиллик фоизи 2019—2020 йилларда 10 фоиз, 2021 йилдан бошлаб эса 12 фоиз этиб белгиланган.
Бундан ташқари «Ўзагросуғурта» томонидан меҳнат муҳожирларининг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш миқдорини қоплаш учун 50 минг сўм миқдорида бир марталик субсидиялар тақдим этилади.