Ўзбекистондаги иссиқлик электр станцияларининг техник аудитини ўтказишга хитойлик мутахассислар жалб этилади.
Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, бу ҳақдаги келишувга 27 ноябрь куни Энергетика вазирлигида Хитойнинг «Energy China» корпорацияси (CEEC) вакиллари билан ўтказилган музокаралар давомида эришилган.
Учрашув давомида Хитой томони энергетика тармоғининг барча йўналишлари бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканини билдиргани, хусусан, Ангрен ИЭС ва Янги Ангрен ИЭС бўйича ҳамкорлик ҳамда барча турдаги хизматлар ва ишларни етказиб бериш билан, мамлакат энергетика тармоғи учун режалаштириш ва аудит ишларини ўтказиш имкониятлари муҳокама қилингани хабар қилинди.
Энергетика вазирлиги матбуот хизматига кўра, «Energy China» (CEEC) 70 йиллик фаолият тарихига эга бўлиб, йирик давлат корпорацияларидан бири ҳисобланади.
CEEC дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатида йирик лойиҳаларни амалга оширишда қатнашган, жаҳоннинг 80 та мамлакатида 200 га яқин филиал ва ваколатхоналари мавжуд. Айни пайтда корпорацияда 150 мингга яқин киши ишлайди, CEEC корпорациясининг йиллик даромади 30 млрд доллардан ошади.