Туркманистондан Ўзбекистонга электр токи узатила бошлади

Иллюстратив сурат

Ўзбекистон 1 декабрдан қўшни Туркманистондан электр энергиясини сотиб олишни бошлади.

ЎзА агентлигининг хабар қилишича, 500 кВли ҳаво тармоғи орқали электр энергия импортига старт берилган.

"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти ва "Туркманэнерго" давлат электр энергетика коорпорацияси билан 2019-2020 йилларда электр энергиясини импорт қилиш юзасидан келишувга эришилган.

"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти 29 ноябрь куни берган баёнотга кўра, келишувга асосан 1 декабрдан тармоқдаги чекловлар кескин камаяди.

Бош вазир Абдулла Арипов 28 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда 27 ноябрда кун давомида 110 кВ кучланишли 144 та электр ўтказиш линияларида 300 дан ортиқ чекловлар киритилгани, бу чекловлар 1,5 соатдан 5 соатгача давом этганини маълум қилган эди.

Бундан ташқари, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ салкам 31,5 мингта ҳолат аниқланиб, етказилган зарар миқдори 22 миллиард сўмга тенг экани таъкидланган эди.