Тошкент вилояти прокурори "Аҳмадбой иши" иши бўйича 12 минг ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюросига (МИБ) келиб тушганини маълум қилди.
ЎзА агентлиги 1 декабрда берган хабарга кўра, вилоят прокурори иштирокида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилган.
Анжуманда қатнашган МИБ вилоят бошқармаси вакили, айни пайтда жабрланган аҳоли вакилларига пластик карточка очилиб, мол-мулк хатловидан мажбурий тарзда ундирилган маблағларни уларга ўтказиш чораси кўрилаётганини билдирган.
Хабарда шу кунда МИБга келиб тушган ижро ҳужжатларида қанча маблағ ҳақида гап бораётгани очиқланмаган.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизматига кўра, 2019 йил давомида вилоятда қонунлар ижроси устидан прокурор назоратини таъминлаш борасида 7064 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг 6191 нафарининг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Бу жараёнда 2153 нафар мансабдор шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилган, етказилган 3 млрд. сўмлик зарар ихтиёрий ундирилган.