Хива турк дунёси маданий пойтахти мақомига эга бўлади

Хивадаги Ичан қалъа.

ТУРКСЎЙ доимий кенгаши шу йил 30 ноябрида ўтказилган 37-мажлисида 2020 йили Хивани турк дунёсининг маданий пойтахти, деб эълон қилди.

Йиғилишда сўзга чиққан Қирғизистон маданият, ахборот ва туризм вазири Азамат Жаманқулов Хивани турк дунёсининг маданий пойтахти деб эълон қилиш қарори кенгаш аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилганини урғулади.

Йиғилишда ТУРКСЎЙ бош котиби Дюсен Касеинов, Ўзбекистон маданият вазири ўринбосари Камола Оқилова, Озарбайжон маданият вазири ўринбосари Рафиг Байрамов, Қозоғистон маданият вазири ўринбосари Нуркиса Дауешов, Туркия маданият ва туризм вазири ўринбосари Нодир Алпарслон, Туркманистон маданият вазири ўринбосари Ғурбанмурад Мирадалиев ҳамда Шимолий Кипр турк жумҳурияти таълим ва маданият вазири Нозим Човушўғли иштирок этдилар.

Йиғилишда сўзга чиққан Камола Оқилова кўҳна Хива тўлалигича ўз тарихий қиёфасини сақлаб қололган шаҳарлардан бири эканини қайд этди.

ТУРКСЎЙ ҳар йили туркий тилли давлатлар шаҳарларидан бирини турк дунёси маданий пойтахти деб эълон қилади. 2019 йили бу мақом Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига берилган эди.