Қашқадарё вилоят, Ғузор туман ҳокимлигига қарашли бинода ўрнатилган ҳисоблагич дастурда ўчирилганлиги кўрсатилган бўлса-да, амалда ўзбошимчалик билан тармоққа уланиб фойдаланаётганлиги аниқланиб, баённома тузилди ва 55 896 300 сўм (124 214 кВт.с) ҳисобланмаган энергия қиймати аниқланди.
Бу ҳақда «Ўзэнергоинспекция» ҳудудий бўлими хабар қилди.
Шунингдек, Қарши шаҳар ободонлаштириш бошқармасига қарашли кўча чироқлари электр таъминоти ҳисоб нуқталари ўрганилганда, битта ҳисоб нуқтасида ҳисоблагичсиз ўзбошимчалик билан улангани, битта ҳисоб нуқтасида ҳисоб-схема бузилгани, яъни ҳисоблагич ажратиб қўйиб ишлатилаётгани, 4 та ҳисоб нуқтасида мавжуд трансформатор пункти ва ҳисоблагичлар шартнома ва дастурга киритилмасдан ишлатилаётгани аниқланди.
Текширув якунлари бўйича 335,6 млн сўм (745,8 минг кВт.с) қайта ҳисоб қилинди ва ундиришга йўналтирилди.