Ўзбекистонда бундан буён ҳокимлар истаган одамига машина, уй совға қилолмайди, фақатгина маҳаллий кенгашлар маъқуллаган йўналишларга қўшимча даромадларни ишлатишлари мумкин. Бу ҳақда Молия вазирлиги давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғи Жамшид Абруев kun.uz нашрига маълум қилган.
“Ижтимоий тармоқларда кўрдик - ҳокимлар уй-жой, машиналарни қаердан олиб бераётгани ҳақида жамоатчиликда саволлар туғиляпти. Булар қўшимча даромадлар ҳисобидан олинди, дейишлари мумкин. Маҳаллий ҳокимликларнинг қўшимча даромадлари ҳам барибир маҳаллий бюджетнинг маблағи. “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддаси билан бюджет маҳаллий бюджет кенгашида қандай тасдиқланса, қўшимча даромадлар ҳам худди шу тартибда тасдиқланиши керак деган норма киритилди. Бу бюджет интизомини тартибга солади”, дея иқтибос келтиради нашр Жамшид Абруев сўзларидан.
Давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғи ҳокимларга фавқулодда вазиятлардаги кичик харажатлар учун маблағларни маҳаллий бюджетдан олишга рухсат берилаётгани, бунда ҳам пуллар нимага сарфлангани ҳақида ҳар чоракда ҳисобот топширилиши шартлигини қўшимча қилган.