Трамп Эронни “кўп сонли” намойишчиларни ўлдиришда айблади

Дональд Трамп 3 декабрь куни НАТО саммитида иштирок этиш учун Лондонга борди.

АҚШ президенти Дональд Трамп Эронни ёнилғи нархининг оширилишига қарши намойишлар чоғида кўп сонли намойишчини ўлдиришда айблади.

3 декабрь куни НАТО саммитида иштирок этиш учун Лондонга борган Трамп:

- Эрон, биз ҳозир суҳбатлашар эканмиз, минг-минглаб одамни ўлдираётган бўлиши мумкин. Шунинг учун улар Интернетни ўчириб қўйишди – одамлар нима содир бўлаётганини кўра олмаслиги учун.Бу даҳшатли ҳолат, дунё буни кузатиб бориши керак, - деди.

3 декабрь куни Теҳрон полицияси етакчиси мамлакат бўйлаб содир бўлган намойишларнинг “муҳим ғаламислари” қўлга олинганини маълум қилди.

2 декабрь куни Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти намойишлар давомида камида 208 нафар одам ҳалок бўлгани ҳақида баёнот тарқатди. Ғарб манбалари қурбонлар сони бундан-да кўпроқ эканини айтмоқда. Хусусан, New York Times нашри ҳалок бўлганлар сони 450 нафарга етиши ҳақида ёзган.

Аммо Эрон расмийлари намойишларда ҳалок бўлган сони жуда озлигини иддао қилмоқда.

Эронда оммавий норозилик намойишлари 15 ноябрь куни ҳукумат ёнилғи нархини 200 фоизга оширганини эълон қилганидан сўнг бошланди. Илк намойишлар полиция томонидан бостирилди, айни пайтда Эрон расмийлари бир ҳафтага Интернетни тўлалигича блоклаб қўйди.