Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўзбек муҳожирлари қирғиз паспортини сотиб, бизнес қилаяпти, дея иддао қилди Қирғизистон Жўғўрқу Кенеши вице-спикери Аида Қасималиева 4 декабрь куни Бишкекда бўлиб ўтган парламент мажлисида.
“Яқинда депутатлар билан Санкт-Петербургда бўлиб, юртдошлар билан учрашдик. У ерда қирғиз паспортини сотиш бизнесга айланиб кетибди. Ўзбекистонлик муҳожирлар қирғиз паспортларини реклама қилиб, сотиб юришган экан. Сиз буни статистика орқали ҳам текширишингиз мумкин. Паспортлар одамлар милицияга тушган пайтда ўртага чиқаяпти”, деди депутат хоним.
Қасималиевага кўра, ўртага чиққан паспортларнинг кўпи Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида берилган.
“Текширув чоғида шахсий идентификацион рақамлар тўғри чиқаяпти, яъни улар сохта паспортлар эмас. Паспортлар ноқонуний равишда берилмаслиги учун қандай тўсиқлар қўяяпсиз? Паспорт туфайли бошимиз жанжалдан чиқмай қолди”, деди парламент вице-спикери Қирғизистон Давлат қайд хизмати раиси Алмаз Мамбетовга юзланаркан.