Президент Дональд Трампга нисбатан импичмент эҳтимоли бўйича суриштирув ўтказган АҚШ Конгресси Намояндалар палатаси қўмиталари 3 декабрь куни суриштирув натижаларига оид ҳисоботларини эълон қилдилар.
Ҳужжатда Трамп президентлик ваколатларини суиистеъмол қилгани ҳамда Конгрессда ўз фаолияти юзасидан суриштирув ўтказилишига тўсқинлик қилгани иддао этилади. Бу икки айблов президент импичменти учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Ҳисобот Намояндалар палатаси юридик қўмитасига топширилади, қўмита эса бу борада ўз тингловларини ўтказади. Тинглов натижаларига кўра, қўмита импичмент моддаларини тузиб чиқиши ҳамда бу моддаларни овоз бериш учун палатага олиб чиқиши кутилмоқда.
“АҚШнинг 45-президенти Дональд Трамп шахсан ёхуд ҳукумат ва унинг ташқарисидаги ўзига тобеъ кишилар орқали ҳаракат қилароқ, хорижий давлат бўлган Украинанинг 2020 йилдаги АҚШ президенти сайловига аралашиши учун воситачилик қилган”, дейилади ҳужжатда.
Ҳужжатда айтилишича, президент қайта сайланишга эришиш, сайловларда ўз рақиби истиқболи учун ғов яратиш ҳамда ўз фойдаси учун сайловларга таъсир кўрсатиш йўлида ҳаракатланган.
Ҳужжат муаллифлари Трамп ўз рақиби, демократ Жо Байденга зарар етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатларни амалга ошириш юзасидан Украинага босим ўтказгани исботланди, деб ҳисоблайдилар. Ҳисоботда Киевга босим пишангларидан бири Украинага АҚШ ҳарбий ёрдамини тўхтатиб қўйиш бўлгани урғуланган. Конгрессдаги тингловларда қатор гувоҳлар Трамп Украина расмийларидан Байден ўғлининг Украинадаги фаолиятини текширишни талаб қилганини айтганлар.
Айни пайтда ҳисоботда импичмент моддаларини тузиш бўйича аниқ тавсиялар берилмаган ва ҳатто Трамп импичментга тортилиши шартлиги хусусида тўғридан-тўғри айтилмаган.
Намояндалар палатасида кўпчиликни демократлар ташкил этади. Республикачилар ва Трампнинг ўзи аввалроқ мазкур айбловларни рад этган. Оқ уй ҳужжат суриштирувга оид расмий ҳисоботга эмас, балки “хонаки блогернинг валдираши”га ўхшашини билдирган.
Импичмент қарори олинган тақдирда ҳам президент Трампни лавозимдан четлатиш қарорини республикачилар кўпчиликни ташкил этган сенат қабул қилиши лозим бўлади.